Шайх Худойдоди Вали маънавияти

Мустақиллик туфайли миллий қадриятларимиз тикланди. Ўтган қисқа вақт ичида улуғ бобокалонимиз Амир Темур, Исмоил Ал-Бухорий, Даромий, Мотуридийлар мангу қўним топган масканлар обод зиёратгоҳга айлантирилди. Ана шундай улуғ алломалардан бири туманимиздаги Ғазира қишлоғида яшаб ижод этган Яссавия тариқатининг етук номаёндаларидан бири, ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган мутасаввуф шоир ва олим Шайх Худойдоди Вали ҳисобланади.

Шоир “Жаҳрия султония” сулукининг ўз замонасидаги пешвоси ҳисоблангани манбаларда қайд этилган. У кишининг ҳаёти ва ижодий фаолиятига доир кўплаб асарлар яратилган бўлиб, юртимиз ва хориждаги қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Вали бобо сифатида шуҳрат қозонган шайхнинг асл номи Худойберди бўлиб, отаси Ҳазрат азизон Ортиқ шайх эди.

Муҳаммад Шариф Ҳусайнийнинг "Ҳужжат ул-Зокирин" тазкирасида қайд қилинишича, Ҳазрат азизон Ортиқ шайх асли Хоразмда шуҳрат ва эътиборга сазовор хонадондан соҳиби эди. Укаси азизон Зикриё шайх, оила аъзолари, қавм-қариндош ва содиқ муридлари билан аввал Бухорога, сўнг Карманага келиб, тоғ яқинидаги қишлоқда турғун бўлиб қолган. Ана шу манзилда ҳижрий 866, милодий 1462-63 йили бир ўғил кўради ва Худойберди деб исм қўяди. Аммо ота-онанинг хурсандчилиги ҳам, Худойбердининг ота-она меҳридан, тарбиясидан баҳраманд бўлиши ҳам узоққа чўзилмайди. Бу ҳақда "Маноқиби шайх Худойдоди Вали" китобида шоирнинг ўзи қуйидаги эсдаликларини келтирган: "Мен ўз ота-онамдан жуда ёш қолдим ва мени тарбия қилгувчи бирор мураббийим йўқ эди".

"Ҳужжат ул-Зокирин" тазкирасининг муаллифи бу гапга аниқлик киритиб, шундай ёзади: "Айтурларки, ҳазрати азизон (Худойдоди Вали) ўз ота-оналаридан уч ёки тўрт ёшларида етим қолган эканлар".

Худойберди — Худойдоди Вали мактабни тугатгач, Самарқандга келиб, шариат илмини ўрганиш мақсадида мадрасада таълим олади. Бўстонихон маҳалласидаги (ҳозирги шоирлар боғи ва унинг атрофида) бир ҳовлида истиқомат қилади. Маълум вақтдан сўнг ўқишини давом эттириш учун Ғиждувонга боради ва у ерда уч йил таҳсил олади. Моддий қийинчиликлар ҳам ҳазрат Худойдодни ўқиш ва илм ўрганишга бўлган ғайратини сўндира олмайди. Бухорога бориб, Мулло Муҳаммад мадрасасида яшайди ва таълимни давом эттиради. 

889 ҳижрий, 1484 милодий йили ўз даврининг машҳур мутасаввуфларидан, яссавия ёки жаҳрияи султония тариқатининг кўзга кўринган вакили шайх Жамолиддиннинг ҳузурига боради. Бухоронинг Калати мавзеида истиқомат қилувчи Шайх Жамолиддин йигитнинг фазилатларини кўриб, айтади: Сени бизга "Худой дод" (яъни Худо берди). Бундан сўнг отинг "Худойдод" бўлгай. Ана шу муносабат билан шоир Худойдод номи билан машҳур бўлди. 

Ҳазрат Худойдоднинг эътибори тобора ошаверади. Шундан сўнг Самарқанднинг ўша даврда анча обод бўлган мавзеларидан Ғазира (Жомбой)га келади ва оддийгина хонақода яшай бошлайди.

Пок эътиқоди, олий ҳиммати, камтарлиги, ғамхўрлиги атрофдагиларда яхши таассурот қолдириб, суҳбат ва панд-насиҳатларидан баҳраманд бўлишга интилувчиларнинг сони тобора ортиб боради. Ҳатто Мовароуннаҳр ҳокими Муҳаммад Шайбонийхон ҳам бу ҳазратга эътиқод қўйиб, ўз ҳузурига даъват этади.

Ҳазрати Худойдод уйланган ва олти фарзанднинг отаси бўлган. Аммо қизи биби Маҳзунадан бошқалари ёш вафот этган. Айтишларича, ҳозир Ғазира ва унинг атрофида биби Маҳзунадан тарқалган шажара намояндалари яшайдилар.

Шайх Худойдод Вали 939 ҳижрий йили муҳаррам ойининг ўн иккинчи куни, яъни 1532 милодий, 12 август куни 71 ёшда вафот этган.

Ундан бой маънавий-маърифий мерос қолган. Аҳамияти шундаки, XV асрнинг охири ва XVI асрнинг бошларига тааллуқли тарихий вазият, халқ кайфияти ва адабий жараён ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ҳазрати Азизон Шайх Худойдоди Вали зиёратгоҳи мустақиллик йилларида ободонлаштирилиб, қайта таъмирланди. Бугунги кунда зиёрат туризмининг асосий йўналишларидан бирига айлантирилган.

2015-2021 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM