Жомбой менинг онам...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Инсон қаерда яшаб, қайси иш билан машғул бўлмасин, туғилган гўшаси ҳар доим ўй-хаёли, юрак ардоғида бўлади. Ота-онам, яқинларим яшайдиган Жомбойга талпиниб яшашимнинг сабаби ҳам шу. У ҳақида бирор яхши гап эшитсам, дилдан қувонаман. Нохуш хабарлар юрагимни ўртайди.

Мактабда ўқиб юрган пайтларим кечагидай ёдимда. Ижодий машқларимни “Шонли меҳнат” (ҳозирги “Жомбой тонги”) газетасига олиб борардим. Таҳририят қошида “Умид” клуби фаолият юритарди. Минг бир истиҳола билан олиб борган ишим газетада чоп этилса, ўша куни мен учун байрам эди. Кейинчалик, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўли­ми қошидаги “Садоқат” тўгарагига қатнаша бошладим. Сўнг Тошкент муҳити...

Жомбойни азалдан ижодий давра шаклланган туман, дейишади. Сўнгги пайтларда бу хайрли иш янада жонланди. Туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида турфа янгилик ва хабарларни кузатиб, хурсандлигим ортиб бормоқда.

Айниқса, уйга келганимда кўчалар, маҳаллалардаги ўзгаришларни кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилади. Яқинда жомбойлик ижодкор Ойхумор Асадова таваллудининг 70 йиллиги нишонланди. Тадбирда қатнашдик. Таниқли шоир, ёзувчи ва журналистларнинг иштироки, устозлар давраси ҳаммани хурсанд қилди. Ижодимизга бешик бўлган “Умид” клуби фахрийлари Шокиржон Шералиев, Ёрмамат Рустамов ва бошқа қалам аҳлини кўрганимдан мамнун бўлдим.

“Умид” клубининг қайта ташкил этилгани хайрли иш бўлибди. Кишини яна бир жиҳат қувонтиради. Қайси тадбирга борсак, эрон ёки турк оҳангига қоришиқ ўзбек матнлари жойланган қўшиқларни тинглардик. Туман маданият бўлими ходимларининг чиқишлари бу тадбирга ўзгача файз бағишлади. Жомбойлик санъаткорларнинг астойдил ижод қилаётганига гувоҳ бўлдим.

“Самарқанд таронаси”, “Жомбой” қўшиғи ва тадбирда янграган бошқа куй-қўшиқларда олдинги “трафарет”лар йўқлиги қувонарли ҳол. Учрашувда сўзга чиққан таниқли ёзувчи-шоирларнинг Жомбойга берган таърифи гўё онам ҳақида айтилган гапдек мени тўлқинлантирди. Зарафшон миллий табиат боғидай сўлим гўшадан бир олам таассурот билан Тошкентга қайтдим.

Ижодий учрашувни ташкил этган туман ҳокимлиги, “Жомбой тонги” газетаси таҳририятига чин дилдан миннатдорлик билдираман. Хайрли ишларингиз бардавом бўлсин!

Манзура ШАМС,
“Гулистон” журнали бўлим муҳаррири.

2015-2021 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM