1231 нафар аёллар бандлиги таъминланди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ депутатлари туман кенгашининг VI чақириқ 29-сессияси ўтказилди. Тадбирни кенгаш раиси Қаюм Собиров олиб борди.

Кун тартибига кўра, “Даромад манбаига эга бўлган хотин-қизларни “Аёллар дафтари”дан чиқариш тўғрисида”ги масала муҳокама этилди. Мавзу юзасидан оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича туман ҳокими маслаҳатчиси Ҳ.Ўсарова ахборот берди.

Қайд этилишича, “Аёллар дафтари”га 2146 нафар хотин-қизлар киритилган бўлиб, бугунги кунгача 1231 нафарининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, 309 нафар аёллар касб-ҳунарга ўқитилган. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 807 нафарига имтиёзли кредит ажратилган.

– Томорқасидан унумли фойдаланган 45 нафар опа-сингилларимизга қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан 76 миллион сўмлик кредит ва субсидия ажратилди, – дейди Ҳ.Ўсарова. – Бундан ташқари, қарамоғида  ногирон фарзанди бўлган 28 нафар ёлғиз аёллар ва 1-2 гуруҳ ногиронлиги бўлган 100 нафар хотин-қизларга қарийб 300 миллион сўм берилди. Аммо камчиликларимиз ҳам кўп. Жумладан, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ва ушбу рўйхатдан чиқариш тартиб-таомиллари маҳалла раиси ўринбосарлари томонидан бир неча бор бузилганини қандай изоҳлаш мумкин? Туман тиббиёт бирлашмаси, тижорат банклари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддиларининг ҳаракатсизлиги ҳам бизга муаммолар туғдирмоқда.

Танқидий руҳда ўтган муҳокама давомида тегишли соҳа раҳбарлари ҳам депутатлар олдида ҳисоб берди. Давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишига эътиборсиз муносабатда бўлган туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси устидан тақдимнома киритилиши белгиланди.

Тадбирда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари бўйича амалга оширилган ишлар ҳам муҳокама этилди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM