Тўмарисдан бошланган йўл бу

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туман ҳокимлигида байрам тадбири ўтказилди. Туман ҳокими ва сектор раҳбарлари фидокорона меҳнати билан жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган опа-сингилларимизни муборакбод этишди.

Аёл нафосати, назокати, вафо-садоқати, ақлу заковати асрлар мобайнида ҳаёт давомийлигига асос бўлган. Дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар улар шаънига аталгани бежиз эмас.

– Ўтмишга назар ташласак, Тўмарисдан Заринагача, Увайсийдан Нодирабегимгача, Бибихонимдан Зулфиягача ўтган момоларимиз сиймоси бирма-бир кўз олдимизда намоён бўлади, – деди Қаюм Собиров. – Қувонарлиси, улар бошлаган нурли йўл бугун ҳам давом этмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда ўзбек хотин-қизларининг жамиятдаги фаоллиги сезиларли ошди. Орангизда машҳур ижодкорлар, олималар, шифокорлар, ҳокиму вазирлар бор. Шунинг ўзи ҳам мамлакатимизда аёллар ҳуқуқлари муносиб кафолатланганидан далолат беради.

Шунингдек, туман ҳокими ўз табригида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ойхумор Асадова, таниқли педагоглар Роҳиба Ҳасанова, Дилором Камолова, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти соҳибалари Мафтуна Саматбоева, Рушана Олимова, жаҳон чемпиони Шоҳсанам Сафарова номини тилга олиб, улар эришган ютуқлар туманимиз учун фахр-ифтихор эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда хотин-қизлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар ташкил этилмоқда. Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан “Аёллар дафтари” деган тушунча луғатимизга кириб келди. Унга кўра, туманимизда 2146 нафар оғир ижтимоий вазиятдаги опа-сингилларимиз рўйхати шакллантирилган.

Бугунги кунгача ишсиз хотин-қизларнинг 165 нафарига тикув машиналари, 80 нафарига қандолат печлари ажратилди. Ҳунар ўрганишга рағбати бор 120 нафари эса ўқув курсларига жалб этилди. 45 нафар аёллар туманда мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилди.

Яқин кунларда яна 80 нафарга яқин хотин-қизларга тикув машиналари ва печлар, 4 нафар аёлларга гўзаллик салони жиҳозлари тақдим этилиши кутилмоқда. Март-апрель ойларида 35 нафар қизлар учун субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилиши белгиланган.

Бу каби хайрли ишлар замирида фақат бир мақсад бор. Ўзбек аёлининг ҳаётдан мамнун яшашини таъминлаш.

Ушбу мақсад давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Аёл бахтни туйсагина жамият фаровон бўлади, фарзандларимиз баркамол улғаяди. Зеро, улуғ Соҳибқирон – Амир Темур бобомиз “Миллатнинг буюги аёл бошини силар. Акс ҳолда бу миллатнинг якуни хайрли бўлмас” деб бежиз айтмаганлар.

Байрам тадбири давомида ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этаётган, йил давомида юксак ютуқларга эришган хотин-қизлар тақдирланди. Маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури дилларга хушнудлик бағишлади.

***

Туман ҳокими ва сектор раҳбарлари байрам арафасида юз ёш остонасидаги жомбойлик онахонлар хонадонида меҳмон бўлишди. Уларга Президентимиз номидан байрам совғалари топширилди.

– Ҳаётнинг шукрона билан ўтган ҳар бир куни байрам, – дейди Каромат момо Жумаева. – Аҳоли фаровонлиги учун раҳбарлар жон куйдирадиган замонда яшаётганимдан хурсандман. Элимизга тинчлик тилаб ҳамша дуодамиз.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM