Яконшайх зиёратгоҳи

Ёхуд Шайх Камолиддин Оқоний-Алиободий

Бу муқаддас Ватан минг-минглаб даврнинг олиму уламолари, фозилу шуароларини тарбиялаб, вояга етказган.  Юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, албатта, ўша жойда бир улуғ, халқ мўтабар билиб, эъзозида сақлаб келаётган зиёратгоҳ мавжуд. Мана шундай қадамжолардан бири Жомбойнинг Довчар ариқ ҳудудида жойлашган. Неча-неча йиллардан бери бу манзилдан одамларнинг қадами узилгани йўқ.

Изланишлар натижасига кўра, бу улуғ зиёратгоҳ Яссавий сулукининг машҳур намояндаси шайх Камолиддин Туркистоний-Оқоний номи билан боғлиқ бўлиб, у киши XIV аср бошларида Туркистон вилоятининг Чимкент мавзейси, Оқон қишлоғида таваллуд топган.

Олим шайх Азизон ўзининг “Ламаҳот” асарида: “Шайх Камолиддин (қуддиса сируҳу)нинг лақаблари Оқонийдур. Оқон қишлоғида, Туркистоннинг ноҳиялардан бирида туғилганлар. Бир неча йил Самарқанднинг Алиобод мавзейсида яшаб, шу ерда вафот этганлар. (“Мажмаъ ал-ансоб ва-л-ашжор” асарида 1492 йил деб кўрсатилган). Қабрлари табаррук зиёратгоҳ...”, деб маълумот беради.

Бу ҳудуд ҳозирги Жомбой ва Паяриқ туманлари чегарасида жойлашган, Булунғур ва Мирза ариқ атрофидаги Довчар ариқ мавзейсида, маҳаллий халқ тили билан айтганда “Якончик” зиёратгоҳи ҳисобланади.

Ул зоти киром Яссавий силсиласи вакили шайх Мавдуд (қабри Оқдарё тумани, Кумушкент мавзейсда) даргоҳида тарбия топиб, камолга етган. Шайх Мавдуд ўз навбатида Али шайхнинг шогирди, ул зот Ямин бобонинг, у киши Садр Отанинг, у киши Занги Отанинг, у киши Ҳаким Ота (Сулаймон Боқирғоний)нинг, у киши соҳиби “Ҳикмат” – Ҳазрат Султон Хожа Аҳмад Яссавий қоййим-мақом ҳалифасидир.

Камолиддин “Шайх”лик мартабасини олгач, “Шайх Камолиддин Оқоний” нисбаси билан, машҳур бўлиб, камолотга етадилар, саодат манбаи бўладилар.

Мазкур зиёратгоҳ ва мавзе маҳаллий аҳоли тилида Якончик тарзида талаффуз қилинишига икки компонентдан иборат бўлган зиёратгоҳ (ҳозирда географик жой) номининг талаффузда элизия (товуш тушиши)га учраб, бир сўзга айланиши сабаб бўлган. Урф-одатимизга кўра улуғ алломанинг исми шайх камолиддин Оқоний деб эмас, балки, оддийгина “шайх Оқоний” деб юритилган. Вақт ўтиши натижасида “шайх Оқоний” сўзи, талаффузда “Оқон шайх”, “Якон шайх”, “Якум шайх”, “Яканшик”, “Якконшик”, тарзида қўлланиб келинган.

Шайх Камолиддин Оқнийнинг отаси Жамолиддин шайх ибн Хумой шайх ибн Исмоил ота ибн Иброҳим ота ибн Куюндик ота ибн Суюндик ота ибн Балли ота ибн Бадр ота ибн Маҳмуд сўфи ибн Муҳаммад сўфи ибн Ойна сўфи ибн Исрофил сўфи ибн Микоил сўфи ибн Исмоил сўфи ибн Иброҳим сўфи ибн Абдужалилбоб ибн Абдураҳим ибн Абдуқаҳҳор ибн Абдужаббор ибн Абдуфаттоҳ ибн Муҳаммад Ҳанифа ибн Ҳазрат Али каррамалоҳу важҳаҳу бўлиб, тариқат силсиласида етти восита билан Хожа Юсуф Ҳамадонийга етади.

Шайх Камолиддин “Иқоний” тахаллуси билан шеърлар ва ҳикматлар ёзганини Абдурауф Фитрат ҳам қайд қилиб ўтган. Жумладан: “Иқони тахаллусидан бу кишининг Фарғонадаги Иқондан эканлиги англашилади. Яссавий шайхлари орасидан машҳкр Мавдуд шайхнинг муриди Камол шайх деган одам бор. “Рашҳот” да у ҳақида “Азкибор азҳоби  Мавдуд турғонин билдирадир. Ҳижрий 1093 (милодий 1680)да бухоролик муфтий Зинда Али томонидан ёзилган “Самрат ул машойих” отли китобда ҳам “Ламаҳот”да бу Камол шайхнинг таржимаи ҳоли ёзилғонда “Лақаби эшони Иқоний аст салҳо дар қаръиз Алиободи  Самарқанд буданд, вафот ва мадфуни шарифа эшон онжо аст”, деб маълумот бериб ўтган.

Ҳазрат Азизхон қуддиса сирруҳул азиз айтадилар: “Ҳазрат Камол шайх катта ёшга кирдилар, жуда эгилиб қолган эдилар. Лекин завқ пайтида ўқдек тўғри, дадил ва эшитувчи бўлар эдилар”.

Нақл қиладилар: “Хазрат шайх Камолиддин кечалари у кишининг шогирдлари овқат учун ўтин тошир эдилар. Ҳеч ким хабар топмас эди. Шайх Камолиддин айтадилар, менинг бир фарзандим бор бу ишни у қилади”.

Кундизи бошқа хизматларни қилар эдилар. Йигирма йил хизмат қилгандан кейин Ҳазрат шайх Камолиддин у кишига, яъни Саид Аҳмад ҳазратларига рухсати кул (шайхлик кишига рухсат, иршод) берибдилар. Бу ҳазрат хилват ва бошқа зикрларни шайх Камолиддиндан ўрганиб, шайхлик даражасига етган. Ушбу мақола мазкур зиёратгоҳ тарихи тўғрисидаги дастлабги қадам, келажакда мабалар синчиклаб тадқиқ этилса, мукаммал ва муфассал тарих юзага келади, деб умид қиламиз.

Мирзо МЕҲРОЖИДДИН,
тарихчи-манбашунос.

2015-2021 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM