Ҳолвойи қаерда? Уни Бухоро ва Қашқадарёдан излашяпти...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ислом оламида уч аллома “Ҳолвойи” тахаллуси билан шуҳрат қозонган. Улар Имом Шамсулаиммага яқин қариндош бўлиб, у ёки бу тарзда шогирд саналади.

Жомбой туманининг Ҳолвойи қишлоғида қўним топган алломанинг ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этиб, қизиқ маълумотларга дуч келдик. Бу манбалар Имом қабрини Бухоро ёки Кешдан излашга ҳожат қолдирмаслиги керак.

Шамсулаимма Ҳолвойининг шогирд ва издошлари турли манбаларда учрайди. Чунончи, “Салоти Масъудий” қўлёзмасида Шамсулаимма Сарахсий ва Шамсуллаима Заранжарий, деб тилга олинган. “Тарихий Муллозода” ва “Кашфи зунун” асарларида Шамсулаимма Насафий ва Шамсулаимма Кардарий, деб баён қилинади. “Жодат ул-ошиқин” китобида Имом Шамсулаимма Термизий номи ҳам қайд этилган.

Бундан кўринадики, Имом Ҳолвойи оиласидан уч аллома чиққан. Яъни, Имом Шамсулаимма Ҳолвойи, унинг ўғли Аҳмад ибн Абдулазиз Ҳолвойи ва набираси Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳолвойидир.

Исломни қувватлантирган шогирдлар

Аҳмад ибн Абдулазиз отасидан фиқҳ илми бўйича таълим олган. Маҳмуд ибн Аҳмад эса “Заҳира” китобини ёзган. Ҳолвойининг шогирдлари ҳам кўп:

Фахр ул-ислом Али Паздавий – Самарқандда яшаган буюк имомлардан бири. 482 (1089) йилда вафот этган. Қабри Самарқанддаги Тиллакори мадрасаси орқасида. Паздавийнинг “Мабсут”, “Жомеъ ус-сағир” ва “Усули Паздавий” асарлари бор. Имом Ғаззолий каби унинг ҳам илмий мубоҳасалари халқ орасида достон бўлган.

Шамсулаимма Сарахсий фиқҳ, калом, шаръий мунозара бобида замонасининг етук алломаси ҳисобланади. Вафоти 486 (1093) йил. Ўндан ортиқ асарлари ҳозиргача илм аҳли орасида машҳур. “Мабсут”, “Зиёдати Сарахсий” , “ал-Амолий”, “Салоти Сарахсий”, “Тарғиб”, “Шарҳи жомиъ ал-қабр”, “Шарҳи жомиъ ал-сағир”, “Усул ал-фиқҳ” китоблари шулар жумласидан.

Шамсулаимма Заранжарий – 512 (1118) йилда вафот этган. Насаб, тарих илмларида тенги йўқ олим бўлган. “Иккинчи Имом Аъзам” деб аташган.

Ал-Андоқий – ўз замонасининг фозил, зоҳид кишиси. Невараси Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳусайн ал-Андоқий ҳам ўз даврининг тариқат илми машойиҳларидан эди. Юсуф Ҳамадонийнинг севимли шогирди ҳисобланади.

Аҳмад ибн Абдулазиз ал-Ҳолвойи – Шамсулаимма Ҳолвойининг ўғли. Таълимни отасидан, сўнг Заранжарийдан олган. XII асрнинг биринчи ярмида вафот этган.

Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Шамсулаимма Ҳолвойи – Имом Ҳолвойининг набираси. “Заҳира” (Фатворлар хазинаси) китоби муаллифи. XII аср ўрталарида вафот этган.

Абулмаъоли Абдуллоҳ ал-Ҳолвойи – фақиҳ олим, ҳофиз, ҳадислар билимдони. У уламолардан ҳадис ривоят қилган. Бошқалар эса ундан ҳадис эшитиб, ривоят қилишади. Абдуллоҳ Ҳолвойининг невараси ёки чевараси.

Али ал-Заранжарий – Имом Ҳолвойининг шогирди. Имом авлодидан бўлиб, фиқҳшунос олимларнинг занжирига уланган.

Шамсулаимма Зармадий – тариқатда Шайх Бухориддин Соғаржийга пайравлик қилиб, баъзи асарларда Шамсулаимма Термизий номи билан ҳам келтирилади. Фикримизча, Ҳолвойининг издоши ҳисобланса керак.

Бурхониддин Марғинонийнинг улуғ аллома бўлиб шаклланишида ҳам Ҳолвойининг асарлари катта таъсир кўрсатган.

Ҳолвойилик алломалар сулоласи

Имом Ҳолвойи аждодлари асрлар давомида ҳолвачилик касби билан шуғулланиб келишган. Ҳозирги қишлоқ номи имомлар касбидан олинганми ёки имомлар номи қишлоқ номидан олинганми, буниси муҳим эмас. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳолвачилик билан шуғулланган алломалар сулоласининг таъсири сезилиб турибди.

Тошкент ва Самарқанддаги қадимий қўлёзма китоблардан сулолага доир манбаларни қидирдик. Юқорида санаб ўтилган Ҳолвойилардан ташқари бир қанча олиму ижодкорларнинг номи ҳам мазкур сулолага боғлиқ эканлиги маълум бўлди.

Бундан бир неча йиллар аввал Самарқанд шаҳридаги “Хон Сайид Имом” маҳалласида тадқиқот олиб бордик. Шу ердаги даҳмамозорда қайроқтошга битилган ёзувни ўқигандим. 800 йиллик тарихга эга қабртошда “Ҳалвоий” деб ёзилган эди. Ўша маҳаллага бориб, даҳма учун ўрнатилган қайроқтошдан бирини қайтадан ўқидим. Унда шундай сўзлар ёзилган: “Каломуллоҳ тафсири ва расулуллоҳ ҳадисларини ёзиб қолдирган Абдул Маҳомид Умар бин Муҳаммад бин Аҳмад ал-Ҳалвоий ас-Самарқандийнинг қабрини Оллоҳ нури билан ёритсин...”

Марҳум имомнинг исми ва нисбатларига қараганда у Шамсулаимма Ҳолвойининг чевараси.

“Самария” асарининг муаллифи Абу Тоҳирхожанинг ёзишича, Имомнинг қабри Самарқанд шаҳри Аркининг шимолий-ғарбий тарафида. Ғотфар маҳалласи яқинидаги тепалик ёнида жойлашган. Аждодлари ҳуқуқшунос ва қозикалон, ўзи эса муфтийлик қилган. Абу Тоҳирхожа бу билан Ҳолвойилардан бирини назарда тутган бўлиши мумкин. Бу тепаликка Имомнинг ўғли ёки набира авлодлари қўйилган бўлиши керак. Чунки Ҳолвойилар фақат ўз қишлоғидаги қабристонда эмас, Самарқанд шаҳрининг турли зиёротгоҳларида ҳам қўним топишган.

Алломанинг зиёратгоҳи қаерда?

Ҳолвойининг ҳозирда йўқолиб кетган, деб айтилувчи мозори Бухоро ва Кешдан ҳам изланади. Ўша ерларга нисбат берилиб, далил сифатида кўрсатилади. Самарқанд вилоятида эса бир эмас уч мавзе шу ном билан аталмоқда. Демак, бу масалада тарозининг палласи Самарқанд фойдасигадир. Эҳтимол, имом авлодидан ёки шогирдларидан бирининг қабри Бухоро ва Қашқадарёда бўлиши мумкин.

Ҳолвойиларнинг асл юрти Самарқанд замини. Ҳолвойи мавзеида ётган алломалар, номи асрлар давомида ўзгармаган Жомбойдаги қишлоқ, “Самария”да келтирилган қабр, Хон Сайид Имом мозоротидаги ёзувли қабртош ҳам бунга далил бўла олади.

Самарқанд шаҳри ва унинг атрофида Ҳолвойилар сулоласи узоқ йиллар шариат илмини юксак чўққига кўтаришган ҳамда шу заминда дафн этилгани очиқ ҳақиқатдир.

Комилхон КАТТАЕВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM