Тўқсонбости Канада ва Германия бозорларини эгаллаяпти

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

“Бешбола агро ВЕК” фермер хўжалигига қарашли 308 гектар майдонда тўқсонбости экинлари парвариш қилиняпти. Бу ерда етиштирилаётган карам, гулкарам, порей пиёзи ва кўкатларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади.

Ҳосилдор навлар экилгани боис, қиш ва баҳор ойларида ҳам маҳсулот олиш имкони мавжуд. 20 гектар майдонга экилган гулкарам ҳозирдан ҳосил беришни бошлаган. Хўжалик агрономи Бердал Худойбердиевнинг айтишича, тўқсонбости экин майдонларини йилдан йилга кўпайтириш яхши натижа беряпти. Бинобарин маҳсулот етиштириш бу йил 40 фоизга ошган.

Хўжалик аъзолари порей пиёзини парвариш қилиш бўйича катта лойиҳаларни бошлабди. Юртимиз тупроғида етиштирилаётган бу маҳсулотга хорижда талаб юқори. Канада, Германия, Хитой аҳолиси Ўзбекистондан импорт қилинувчи порей пиёзини севиб истеъмол қилишади. Бир килограмм маҳсулот 2­2,5 АҚШ долларига баҳоланади. Қуритилган ва қайта ишланган гулкарам 2,5­3 АҚШ долларига сотилмоқда.

– Тўқсонбости экин турларини парваришлаш бўйича тажриба тўплаганмиз, – дейди Б.Худойбердиев. – Порей пиёзини сотиб олиш учун Қозоғистон, Россия ва АҚШлик тадбиркорлар ҳам қизиқиш билдиряпти. Мавжуд эҳтиёжни ҳисобга олиб, 30 гектар майдонда шу маҳсулот турини етиштиряпмиз. Албатта, куз­қиш ойларида далада меҳнат қилишнинг ўзига яраша машаққати бор. Ёғингарчилик, изғирин совуқларга тоб бериб, ишлаш керак. Мавсумий ишчилар кўмагидан кўпроқ фойдаланамиз. Қилинган меҳнатга қараб ҳақ тўланади. Қиш бўйи далада иш бўлиб турса, қишлоқ аҳолиси бекор қолмайди.

Қовоқча, ошқовоқ, булғор қалампири, исмалоқ, кўкат етиштириш учун ҳам катта майдонлар ажратилганига гувоҳ бўлдик. Яна 25 гектар ер майдони қўшимча экинлар учун тайёрланяпти. Фермер хўжалигида иш қизғин. Тайёр ҳосилнинг асосий қисми Булунғур туманидаги қайта ишлаш корхонасига юборилмоқда. Замонавий технологиялар асосида қуритилган ва ярим тайёр маҳсулот пешма­пеш буюрматчиларга етказиб берилар экан.

Кластер усулида етиштирилаётган бундай қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қиш­баҳор ойларида бозорларимизни тўлдириб, хорижга экспорт қилинади. Мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб улуш қўшилади. Бундан айниқса, тадбиркорларнинг манфаатдорлиги ошиб, халқмиз фаровонлиги таъминланади.

Соҳиб САЙФУЛЛАЕВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM