Ўзбек тили байрами юқори савияда нишонланмоқда

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Тил миллат ва давлат бирлиги, борлиги, маданияти ва салоҳиятининг мезонларидан бири саналади. Бундан 31 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши чиндан ҳам улуғ ва тарихий воқеа бўлган эди. 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони эса бу борадаги хайрли ишларни янги босқичга кўтарди, десак муболаға эмас.

Жорий йилдан она тилимизга давлат мақоми берилган сана юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида нишонланмоқда. Аҳамияти бўйича давлат мустақиллигидан кейинги ўринда турвчи ушбу кун залворли, нодир ва жонбахш, халқ ва давлатнинг қонуний байрамидир.

Ўзбек тили байрами куни муносабати билан туманимизда ҳам кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари ва концерт дастурлари ўтказилмоқда.

Бугун эрта тонгдан бошланган байрам она тилига эътиборсиз бўлмаган жомбойликларни туман марказига чорлади. “JV MAN” автомобиль заводидан Ёшлар истироҳат боғига қадар масофада ўтказилган “Саломатлик учун 5 минг қадам” марафони байрам тадбирларининг дастлабкиси бўлди. Унда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган спорт ихлосмандлари қатнашгани эътиборга молик.

Тантаналар Ёшлар истироҳат боғида ташкил этилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остидаги байрам кўргазмасида давом этди. Ёш рассомлар ижодига мансуб асарлар намойиши, ҳунармандчилик, миллий ижро ва китоблар кўргазмаси тадбирнинг янада файзли ўтишига ҳисса қўшди.

Боғга ёндош “Нуронийлар маскани”да туман ҳокимининг ижодкор-қаламкашлар билан учрашуви ташкил этилди. Ёш истеъдод соҳиблари ўзлари битган шеъру ғазаллардан намуналар ўқишди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Қаюм Собиров адабиётнинг миллий тил тараққиётида муҳим ўрин тутишига урғу берди.

– Қаламга меҳр қўган инсоннинг энг муҳим масъулияти она тилини ривожланишига ҳисса қўшишдан иборат бўлади, – деди Қ.Собиров. – Бугун ўз машқларингизда қўллаган сўз ва иборалар, ўхшатишу ташбеҳлар тилимизда мустаҳкамланиб, сайқал топиб, келажак авлодга етиб боради. Шу маънода ҳар бирингиз Она тилимиз ҳимоячиларисиз.

Ёшлар истироҳат боғида қад ростлаган саҳна барчани ўзига чорлади. Туман маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастури тадбирнинг энг қизиқарли қисмига айланди. Ўқувчи-ёшлар миллий тилимизни улуғловчи, Ватан, миллат, дўстлик руҳидаги қўшиқлар куйлашди. Навоий, Бобур, Нодирабегим асарларидан намуналар ижро этилди.

Тадбирда туман ижтимоий-маданий ҳаётида фаол иштирок этаётган юртдошларимиздан бир гуруҳи ҳокимлик фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам тадбирлари таълим муассасалари ва маҳаллаларда давом этмоқда.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM