Ижоднинг икки вазифаси

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий она тилимизни улкан уммонга, ижод аҳлини эса ўша уммон тубидан дур, маржон терувчи ғаввосга қиёслаган эди. Дарҳақиқат, сўзлардан моҳирона фойдаланган ҳар бир ижодкор меҳнати уммон тубидан олиб чиқилган дурларининг қиймати кабидир.

Ижод – табиийлик маҳсули. Атайлаб асар яратиб бўлмайди, ҳақиқий илҳом рўй бериши керак. Шунинг учун ҳам ўзини ижодкор санаган ҳар бир зиёлининг инсоният, миллат, ватан, тил, виждон олдидаги бурчи бўлади.

Шундай бўлса-да, қалам аҳлининг энг улуғ масъулияти она тилининг такомил топиши, тобора сайқаллананиб, “улғайиб” бориши учун меҳнат қилишдан иборатдир.

Олимларнинг аниқлашича, дунё бўйлаб ҳар уч тилдан бири йўқолиб бориш хавфи остида экан. Турон заминида ҳам бир вақтлар ўзаро мулоқот ва фикр алмашиш воситаси бўлган қадимги Хоразмий, Бақтар ва Кушоний тил ва лаҳжалари бугун ўлик тиллар қаторида туради. Яна эътиборлиси, қайсики тилда ижод қилиш сусайса, адабий жараён тўхтаса, ўша тил узоқ яшамаслигига тарих гувоҳ. Шу маънода ҳам адабиёт ва тил муштаракдир.

Ўзбек тилига давлат мақоми берилганига 31 йил тўлди. Жорий йилда илк бор “Ўзбек тили байрами” юртимизда кенг нишонланяпти. Мазкур жараён ижод аҳлига эътибор билан чамбарчас ўтаётгани қувонарлидир. Муҳтарам Президентимиз 2017 йил август ойида ижодкор-зиёлилар билан учрашиб, юзма-юз мулоқот қилган эди. Аслида, давлат тилимиз нуфузи ва мавқеини оширишдай хайрли ишларнинг янги босқичга кўтарилиши ана шу воқеликдан бошланди, десак муболаға эмас.

“Олдимизда замон қаҳрамонлари қиёфасини яратиш вазифаси турибди”, деган эди Президент ижодкорларга юзланиб. Шу билан бирга миллат зиёлилари зиммасида тилимиз бойиб бориши учун фидокорона меҳнат қилиш ҳам бор.

Наргиза УСМОНОВА,

23-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM