Тадбиркорлар албатта ўқисин!

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Кўпчилик тадбиркорларда бизнесни йўлга қўйиш босқичида офис учун жойни расмийлаштириш билан боғлиқ саволлар юзага келади. Мисол учун, хусусий корхона офиси турар жойда жойлашиши мумкинми ёки алоҳида – нотураржойни ижарага олиш шартми? Муассис фирма фойдаланиши учун ўз кўчмас мулкини тақдим этса, бу қандай расмийлаштирилади? Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

Умумий қоидага кўра, юридик шахснинг жойлашган ери у давлат рўйхатидан ўтказилган жой билан белгиланади. Ташкилот унинг муассиси манзили бўйича рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Қонун ҳужжатлари тадбиркорга офис учун жойни ижарага олиш мажбуриятини юкламайди. Одатда кўп омиллар сабабли шундай қарорга келинади. Яъни, ходимлар сони ва корхонанинг ўзига хос фаолияти, тегишли инфратузилмага бўлган эҳтиёж (машина қўйиш, музокара ўтказиш хоналари, санузель ва бошқалар.

Бизнес эгасининг манзили бўйича рўйхатдан ўтгач, офис учун жойни ижарага олиш ҳақида қарор қабул қилса, рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили) ўзгаради. Бу ҳолда қайта рўйхатдан ўтиш керак эмас. Бу ҳақда давлат органларини хабардор қилишнинг ўзи кифоя.

Корхонанинг маблағлари чекланган бўлса, тежаш мақсадида рўйхатдан ўтган жойда, яъни, турар жойда офис очиш мумкин. Бироқ бунинг муайян қийинчиликлари бор.

Турар жойга бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ушбу жой яшаш учун мўлжалланмаган жойлар туркумига ўтказилганидан кейингина жойлаштириш мумкин. Турар жойдан нотураржой сифатида фойдаланиш учун рухсатнома олиш лозим. Уни туман қурилиш бўлими томонидан берилади. Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали берилади. Унга қуйидагилар илова қилинади:

– жойга биргаликда эгалик қиладиган шахслар ва вояга етган оила аъзоларининг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги;

– йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Турар-жой корхона устав фондига ҳисса сифатида қўшилган ёки нотураржой тоифасига ўтказилган бўлса, мол-мулк солиғи ва ер солиғини  юридик шахслар учун белгиланган ставкаларда тўланади.

Мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштириш.

Битим тарафлари, тегишлича – бино мулкдори ва фойдаланувчи корхона бўлади. Кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномасини нотариал тасдиқлаш, солиқ органларида ҳисобга қўйиш ва рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди. 

Бунда мулкдор мол-мулк солиғи ва ер солиғини юридик шахслар учун белгиланган ставкаларда тўлайди. Фойдаланувчи корхона фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ солиш мақсадида текин олинган мулкий ҳуқуқ кўринишидаги даромадни ҳисоблаб чиқариши ва ушбу даромадни солиқ солинадиган базага киритиши керак.

Оилавий корхоналарда вазият бошқача. Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар-жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди. Фаолиятнинг айрим турлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бу ҳолда мол-мулк ва ер солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставкаларда тўланади.

Шу ўринда, фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг, текин фойдаланишга бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд давлат солиқ органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этмаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда маъмурий жарима солишга сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.

Элзод ҲУСАНОВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM