“Шароит, имконият ва имтиёзлар мавжуд. Гап меҳнат қилишда қоляпти”

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Аввал хабар қилганимиздек, камбағалликдан чиқариш тадбирлари доирасида маҳаллаларда ёшлар ва хотин-қизлар ҳунармандчилиги марказлари ташкил этилмоқда. Шундай гузарлар Қўнғирот, Журият ва Назар маҳаллаларида ҳам ишга туширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган амалий семинарда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва мутасадди ташкилот вакиллари қатнашди.

Журият маҳалласидаги оилавий касаначилик, иссиқхона, парранда йўналишидаги кичик тадбиркорлик субъектлари тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Ҳудудда сўнгги бир йилда 20 га яқин оилавий тадбиркорлар фаолият бошлагани эътироф этилди.

 – Пандемия шароитида оиламиз билан иқтисодий муаммоларга дуч келдик, – дейди Жаҳонгир Эгамбердиев. – Маҳалла вакилларининг таклифи билан иссиқхона йўналишида тадбиркорлик бошладим. Субсидия ажратилди. Тикув машиналарини созлаш турмуш ўртоғимнинг қўлидан келади. Кўп ўтмай устахона ҳам очдик. Ҳозир иккимиз ҳам иш билан бандмиз. Рўзғоримизга барака киряпти.

Маҳалла раиси Бердиқул Маҳмудовнинг айтишича, бугунги кунда маҳаллада оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар сони ўттизга яқинлашган.

– Натижада, эллик нафардан ортиқ “Темир дафтар”га кирган фуқаролар иш билан банд бўлди, – дейди Б.Маҳмудов. – Аслида барча шароит, имконият ва имтиёзлар мавжуд. Гап астойдил меҳнат қилишда. Аҳолига қонунчиликдаги янгилик ва имтиёзлар ҳақида тушунча беряпмиз. Йил охиригача эҳтиёжманд оилаларнинг 80-90 фоизини доимий даромад билан таъминлай олсак, катта ютуқ бўлади.

Шунингдек, Қўнғирот маҳалласида ташкил этилган гўзаллик салони, Назар маҳалласида очилган тикувчилик цехи иштирокчиларда ижобий таассурот қолдирди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM