597 та оила доимий даромад манбаига эга бўлди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги Х сессияси ўтказилди. Тадбирни 8-Сарой округидан сайланган депутат Ў.Нажмиддинов олиб борди.

Кун тартибига эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда коронавирус пандемияси шароитида 2020/2021 йилги ўқув йилини бошлаш тартиби тўғрисидаги масалалар киритилган бўлиб, депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холиқов иштирокида ўтган сессия ишида дастлаб, туман ҳокими Қаюм Собиров сўзга чиқди. Пандемия даврида эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълуот берди.

Таъкидланишича, сектор раҳбарлари бошчилигида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳ томонидан камбағалик рўйхатига киритилмаган, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган 176 та оила “Темир дафтар”га киритилган. Уларда истиқомат қилаётган фуқаролар сони 706 нафарни ташкил этади.

Натижада, 2132 та камбағал оиланинг 9635 нафар аъзоларини иш билан таъминлаш, шу орқали доимий даромад манбаини шакллантириш ва босқичма-босқич камбағалликдан чиқариш тадбирлари олиб борилмоқда.

Карантин чекловлари бошланган вақтда тумандаги камбағал оилалар сони фақат маҳалла фуқаролар йиғинлари берган рўйхат асосида шакллантирилган. Ҳукумат топшириғи билан бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, ҳар бир оиланинг турмуш шароити тегишли мутахассислар, жамоатчилик, хусусан, кенгаш депутатлари иштирокида мониторинг қилинди. Қайта шакллантирилган рўйхатдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш чора-тадбирлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган “Вақтинчалик тартиб” асосида ташкил қилинмоқда.

– Айни вақтда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳудудлар муайян ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришга ихтисослаштирилмоқда, – деди Қ.Собиров. – Мазкур тадбир доирасида муҳтож оилаларга жўжа, чорва моллари тарқатилди, ҳунармандчиликнинг маълум йўналишларига аҳоли жалб қилинди. Енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилди. Шунингдек, турли тармоқларда норасмий фаолият юритиб келаётган 1680 нафар фуқароларимиз бандлиги қонунийлаштириш орқали таъминланди.

Туман ҳокими 597 та оиланинг доимий даромад манбаи шакллантирилганини ҳисобга олиб, уларни камбағаллик рўйхатидан чиқариш таклифини киритди.

Сессияда 2020/2021 йилги ўқув йилини бошлаш тартиби тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Бу борада туман халқ таълими бўлими бошлиғи З.Юсупованинг маърузаси эшитилди.

Масалалар юзасидан тегишли қарор лойиҳалари қабул қилинди.

P/S.: Сессияни https://www.facebook.com/jomboyhokimligi фейсбук манзили орқали онлайн томоша қилишингиз мумкин.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM