Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги муносабати билан туман халқига ТАБРИГИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг

26 йиллиги муносабати билан туман халқига

ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Ҳурматли тантана қатнашчилари!

Бугун муҳим сана, Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 26 йиллигини нишонламоқдамиз. Ана шу қутлуғ айём билан Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда туман аҳлини чин қалбдан муборакбод этишга рухсат бергайсизлар.

Том маънода тарихий сана бўлган ушбу байрам Ўзбекистон давлатчилиги тарихида беқиёс аҳамиятга эга. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан халқимиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадга эришиш, яъни юртимизда бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришда Конституциямиз мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди. Шу маънода Конституция нафақат мустақиллигимизнинг ҳуқуқий негизи, балки халқимизнинг озод ва обод Ватан, эркин, фаровон ҳаёт қуришдек буюк мақсад сари бирлаштирувчи муҳим қонуний ҳужжат сифатида ҳам ардоқлидир.

Бош қомусимизнинг муқаддимасида ушбу ҳужжатнинг Ўзбекистон халқи ўз иродаси билан, келажак олдидаги масъулиятни англаган ҳолда қабул қилганини қайд этилгани бежиз эмас. Собиқ тузум даврида ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида, фақат хом ашё етиштирадиган минтақага айланиб қолганимиз, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва ижтимоий аҳволи эса аянчли ҳолатга тушиб қолгани ёдимиздан чиққани йўқ. Конституцияда халқимизнинг ҳоҳиш-иродаси, ижтимоий онги, миллий маданияти, мақсад-муддаолари ва орзу-ниятлари акс этган.

Бугунги кунда халқимизнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши тобора ўзгармоқда. Ватандошларимизнинг сиёсий етуклиги, юртимиз ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фуқаролик масъулияти, дахлдорлик ҳисси ошиб боряпти. Шу билан бирга, амалга оширган ишларимизни эътироф этган ҳолда, биз бир ҳақиқатни эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ, деб ўйлайман: яъни, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди.

Бугун биз яшаётган глобаллашув ва тобора кучайиб бораётган рақобат асрида фақат чуқур ислоҳотлар ва модернизация йўлидан тинимсиз ва қатъият билан ривожланиб бориш орқали ўз олдимизга қўйган истиқболли мақсадларга – тараққий топган, фаровон яшаётган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга эриша оламиз. Эътиборлиси, қарийб ўттиз йиллик келажак – яъни бугунги кунлар талаби ҳам конституциямизда акс этган.

Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасида туманимизда ҳам ишлар жадал суръатда давом этяпти. Жорий йил якуни бўйича Бешбола маҳалласида 16 та, Наймантепа маҳалласида 16 та, Узуновул массида 48 та кам таъминланган оилага арзон уй-жой берилди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида Нўш ҳамда Қўнғирот маҳаллалари замонавий қиёфа касб этаётганидан хабарингиз бор. Ҳудудда 6233 нафар аҳоли, 1311 та оила, 1109 та хонадон, 2 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, бугун уларга энг замонавий шарт-шароит яратилди. Буларнинг барчаси қонунчилигимизда инсон омили биринчи ўринга қўйилганидан. Шу мисолларнинг ўзи ҳам Конституциянинг инсон ва фуқаролар турмушида қай даражада муҳим эканини тасдиқлайди.

Давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги куни, айниқса, келажаги учун ғоят муҳим бўлган соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш вазифасини ўз олдимизга қўяр эканмиз, авваламбор, биз яшаётган ХХI аср – интеллектуал бойлик, юксак билим ва салоҳият талаб этиладиган аср, деган ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиқилган эди.

Албатта, ҳозирги кунда тараққиёт йўлидан изчил ривожланиб боришимизда, эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи роль ўйнайдиган муҳим бир мезон инсон омили, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ҳаётга дадил қадамлар билан кириб келаётган ёшлардир. Шу маънода рақамларга мурожаат қилсак, ўтиб бораётган йил беиз кетмаганининг гувоҳи бўламиз. Биргина мисол. Фақат спорт йўналишида туман ёшларидан 49 нафари жорий йилда республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиб, юқори натижалар қайд этди. Фан ва таълим соҳасида ҳам ёшларимиз илғор. Ўтиб бораётган йил давомида турли йўналишларда 30 га яқин ўқувчилар фан олимпиадаси, билимлар беллашуви, китобхонлар танлови каби нуфузли тадбирларда муносиб натижаларга эришишди.

Мамлакатимиз Бош қонуни бошқа мамлакатлар ичида айни шу жиҳат, мамлакат ёшлари учун ҳам барқарор келажакни кафолатлаши нуқтаи назардан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Азиз юртдошлар!

Барчангизни Конституциямиз байрами билан яна бир бор табриклаб, сизларга узоқ умр, сиҳат саломатлик тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, бўлсин.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

2015-2024 © Хокимият Джамбайского района. Разработан в: SAKTRM