Аттестация-2021: Жомбойлик ўқитувчилар юқори кўрсаткич қайд этди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Умумтаълим мактаб ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиш жадвали тасдиқланди. Вилоят бўйича энг кўп ариза туманимиздан тушган. Олий ва биринчи малака тоифасини олиш учун ариза берган ушбу ўқитувчилар тест синовларида иштирок этмоқда.

Малака синовлари шу йилнинг 31 март – 16 апрель кунлари Самарқанд давлат университетида ўтказилиши белгиланган. Аҳамиятлиси, олий, биринчи ва иккинчи малака тоифаларини олиш учун туманимиздан 1117 нафар педагог ариза топширди. Яъни, 2007 нафар олий маълумотли ўқитувчининг 55,6 фоизи талабгорлар сафидан жой олди. Аттестация комиссияси буни туман ва шаҳарлар ўртасидаги энг яхши кўрсаткич, деб баҳолади.

Айни вақтда талабгорлар рўйхати эълон қилинган. Унда ҳар бир ўқитувчининг аттестациядан ўтиш вақти, жойи ҳақида маълумот берилган. Тест синовида қатнашувчи ўқитувчилар белгиланган вақтда тўлов қоғози ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан келиши зарур. Белгиланган кунда келмаган педагоглар учун қайта синов ўтказилмайди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, туман бўйича 101 нафар олий, 287 нафар биринчи тоифали ўқитувчилар меҳнат қилмоқда. Олий тоифали педагоглар салмоғи бўйича туманимиз вилоятда биринчи ўринда туради.

Жорий йилги аттестация натижалари ҳам қувонарли бўлишига ишончимиз комил. Ўқитувчи ва мураббийлар ўртасида ўтказилаётган танловлар ижобий самарасини бериши шубҳасиз.

Шуҳрат РАҲМОНОВ,

туман халқ таълими бўлимининг бош инспектор-методисти.

 

2015-2024 © Jomboy tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM