Бонг: Ҳар икки ҳафтада бир тил йўқликка маҳкум

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Тил шахс ва жамият салоҳияти ҳамда маданияти савиясининг ўзига хос белгисидир. Бундан 31 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши чиндан ҳам улуғ ва тарихий воқеа бўлган эди. Маърифатпарвар адиб Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ҳикматли сўзлари юртнинг истиқболи тилда эканлигини исботлайди.

ЮНЕСКО маълумотига кўра, дунё бўйлаб ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб кетмоқда. Бу эса ўша халқнинг бутун маданий ва интеллектуал меросининг ҳам йўқолишига олиб келмоқда. Тилидан айрилган халқнинг маънавий Ватани бўлмаслиги муқаррар. Миллатнинг юзи, юртнинг истиқболи тилда, унга бўлган ҳурматда ўз аксини топади.

Халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк бойлиги бор. Бу унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни халқ, миллатни миллат қилади.

1989 йил 21 октябрь куни (ҳали Мустақилликка эришмай аввал) Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов бошчилигида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Конституцияда давлат тилининг мақоми алоҳида белгиланди.

2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони бу борадаги хайрли ишларни янги босқичга кўтарди, десак муболаға эмас. Жорий йилнинг 10 апрель куни – миллат фидойиси Абдулла Қодирий бобомизнинг таваллуд кунларида “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилиндики, бу борадаги ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамланиб бораётганини англатади. Унга кўра, 21 октябрь куни мамлакатимизда “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланди. Аҳамияти бўйича давлат мустақиллигидан кейинги ўринда турвчи ушбу кун залворли, нодир ва жонбахш, халқнинг ва давлатнинг қонуний байрамига айланди.

Яқинда матбуотда бир мақола чоп этилди.

– Уч-тўрт йил олдин Туркия давлатига борган эдим, – деб ёзади муаллиф. – Ўша ерда яшаётган, асли ўзбекистонлик рус аёл билан танишиб қолдим. Туркчада жуда равон сўзлашарди. Лекин ўзбекча гапирсам, рус тилида жавоб қайтарди. “Ўттиз беш йил Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини ўрганмаган экансиз. Бир йилда туркчани қандай ўргандингиз?”, сўрадим ундан. “Назаримда, ўзбекчани ўрганиш учун эҳтиёж туғилмаган, шекилли”, деди...

Шу ўринда бир савол кишини ўйга толдиради. Телевидение ва радио давлат тилига ҳурмат руҳини шакллантиришда бирламчи пешқадам вазифани бажариши керак. Аммо аксар ҳолатларда бунинг аксига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, санъаткорларимиз ўзбекча куй-қўшиқ куйласаларда, телевидение орқали интервью берганда рус тилида сўзлашни маъқул кўришади. Ўзбекистон кўп миллатли халқ. Албатта, юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари, уларнинг она тилини ҳурмат қиламиз. Аммо ўзбек бўла туриб ўзбек тилини билмайман, дейишюмшоқ айтганда уятдан бошқа нарса эмас.

Бундан қарийб олтмиш йил бурун атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?” – деб надомат билан ёзган эди. Суюкли шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Етмиш етти пуштимиз” сўзлашган шу гўзал тилга муносабатимиз қай даражада? Уни асраб-авайлб, шаъну ҳурматини ўз ўрнига қўйяпмизми ёки замонавий тўс-тўполонлар забтида эътиборсиз қолдиряпмизми? Ана шу саволларга ҳар биримиз виждонан жавоб топишимиз керак.

Аминжон БОЛТАҚУЛОВ,
Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари.

2015-2024 © Jomboy tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM