1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги

1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги

 

Ассалому алайкум, муҳтарам устозлар!

Аввало, Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган туманимиздаги барча инсонларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.

Бугун ушбу айёмни нишонлар эканмиз, биринчи новбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз.

Буюк бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ўқувчиларини ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларидир.

Эътироф этмоқ керак, мустақиллик йилларида туманимиздан 22 нафар устоз-мураббийлар давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” Бувигул Бердиева ҳамда Нарзиқул Явқочев, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” Нурилло Очилов ва Раъно Исмоилованинг катта тажрибаси, фидойилиги билан фахрлансак арзийди. Шунингдек, Малоҳат Тошмуродова “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, Дилором Бозорова “Фидокорона хизматлари учун” ордени, Шаҳодат Гаппарова ҳамда Турсуной Хуррамова эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Ойдин Раҳмонова, Акрам Худойқулов, Салима Абдураззақова, Хосият Ахмедова, Халоват Холиқова, Нодира Қосимова, Гулнора Ахмедова, Мадина Ҳакимова, Дилором Камолова, Фарида Донақулова каби ўқитувчиларимиз эса “Шуҳрат” медалига сазовор бўлишган.

Сўнги хушхабар сифатида, кечагина Муҳтарам Президентимиз томонидан 46-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Нигора Бердиева “2-даражали Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди. 14-мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Ҳолида Раимқулова ҳамда 51-мактабнинг математика ўқитувчиси Шоҳрух Ўталовлар Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирлангани барчамизни бирдек хурсанд этди.

2018 йил давомида таълим тизимида ўз меҳнатлари билан фан олимпиадалари, “Билимлар беллашуви” ва кўрик-танловларда фаол қатнашган педагог-мураббийларимиз бор. Масалан, ўқувчилари қизлар футболи бўйича республика чемпиони бўлган Муҳаммадамин Дониёров, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” вилоят босқичи ғолиблари Диёр Ўринов, Улуғбек Исмоилов, Инновацион олимпиаданинг вилоят босқичида шогирдлари ғолиб бўлган 23-мактаб ўқитувчиси Гули Каримова, 51-мактаб ўқитувчиси Шоҳрух Ўталов, “Билимлар беллашуви” вилоят босқичи ғолиблари, 40-мактаб ўқитувчилари Машраб Остонов, Дилноза Жахонова, 46-мактаб ўқитувчиси Муниса Ҳусаинова, Баркамол авлод маркази тўгарак раҳбари Мунаввар Исоқова, фан олимпиадаси вилоят босқичи ғолиблари, 14-мактаб ўқитувчиси Файзулла Маматов, 56-мактаб ўқитувчиси Аззам Турдиалиев, 26-мактаб ўқитувчиси Нигора Раҳмонова, 18-мактаб ўқитувчиси Дилфуза Жамилова каби устозларимизнинг ютуқларини эътироф этиб ўтиш жоиз, деб ҳисоблайман.

Бу каби фидойи ўқитувчиларимизнинг меҳнати самарасида 15 нафар туманимиз ёшлари чет давлатларнинг нуфузли олийгоҳларини тугатиб, ҳозирги кунда турли соҳаларда, раҳбарлик лавозимларида ўз фаолиятини олиб боришмоқда.

Азиз дўстлар, фахрий устозлар!

Таълим соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ҳозирги кунда ўз масалаҳатлари билан таълим сифатини оширишда яқиндан ёрдам бериб келаётган Барот Нодиров, Сафар Мавлонов, Эркин Омонов, Мусурмон Юсупов, Облоқул Қурбонов, Маҳмуд Ҳайдаров каби устозларимизга суянамиз ва таъзим қиламиз. 

Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз.

Зеро, миллатнинг, халқнинг эртаси, тараққиёти азиз устозлар қўлида!

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларга  белгиланган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг  ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита таълим-тарбия соҳасига дахлдор кўплаб фармони, қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Шу аснода, ўқитувчини жамиятда обрўсини ошириш, халқ таълими ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун шароитларни яратиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳа ривожига юксак эътибор натижаси бўлган бу ҳужжатларни ҳаётга самарали жорий қилишда аввало сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийларга, сизларнинг билим ва тажрибангиз, истеъдод ва маҳоратингизга суянамиз.

Бугунги кунда замон талаби, халқимизнинг хоҳиш ва истагидан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳанар коллежларини оптималлаштириш, олий таълим муассасаларида кечки ва сиртқи бўлимларнинг очилиши, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, нодавлат таълим хизматини кўрсатиш каби узоқни кўзлаган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар ҳаммадан кўра яхши тушунасиз.

Сўнги икки ой мобайнида мактабларни моддий техник базасини ривожлантириш борасида маҳаллий бюджет ҳисобидан бир миллиардга яқин маблағ ажратилиб, ўқувчилар учун етарли шарт-шароитлар яратилди. 2018 йилнинг октябрь ойида қўшимча равишда 430 миллион сўмлик ўқувчилар партаси ва синф доскалари мактабларга етказиб берилади.

Туманда таълим соҳасига бўлаётган эътибор, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида бюджетдан маблағ ажратиш бўйича Жомбой тумани Республикада етакчи эканлиги Халқ таълими вазири томонидан эътироф этиб ўтилди.

Тадбир қатнашчилари!

2018-2019 ўқув йилида Сиз, азиз ўқитувчилар билан биргаликда таълим сифатини ошириш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширишимиз зарур.

Жумладан, барча умумтаълим мактабларида таълим сифати ва мазмунини кўтариш, ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш ҳамда касбий маҳоратини ошириш бўйича режа асосида доимий семинарлар ташкил қилиш, янги ишга қабул қилинаётган ёш ўқитувчиларни тажрибали устозларга бириктириш;

Инвестиция дастури асосида қурилаётган объектларнинг иситиш тизимига алоҳида эътибор қаратиш, ўқитувчи, ходимлар ва жамоатчилик билан биргаликда мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш чораларини кўриш;

Ўқувчиларнинг компьютер саводхонлигини ошириш ҳамда ўқувчиларда китобхонлик маданиятини янада шакллантириш, ёшларимизнинг спорт соҳасидаги интилиш ва имкониятларини инобатга олган ҳолда ҳар бир спорт иншоотининг камида 12 соат бандлигини таъминлаш мақсадида илғор тажрибаларни оммалаштириш;

Спорт мураббийларининг меҳнатига баҳо беришда уларнинг болаларни, айниқса қиз болаларни спортга жалб қилиш кўрсаткичини баҳолаш механизмини ҳар ой якуни билан оммавий ахборот воситаларида эълон қилишни жорий этиш;

Барча мактабларда ZiyoNet тармоғидан тўғри ва оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш лозим бўлади.

Муҳтарам ўқитувчи-мураббийлар, азиз устозлар! 

Агарда дунёда иморатлар ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир!

Сизларни 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга узоқ умр, бахт-саодат, хонадонингизга файзу-барака, баркамол авлодни вояга етказишдаги эзгу ишларингизга улкан зафарлар тилайман!

2015-2024 © GOVERNMENT OF JOMBOY DISTRICT. Maked by: SAKTRM